Янгийўлда женьшень ишлаб чиқарилади

28.10.2020

Яқинда Жанубий Кореянинг "K-GINSENG PHARMACY" хорижий корхонаси ўтказилган электрон онлайн-аукционда Янгийўл тумани ҳокимлиги биносининг бўш турган бир қисмини ижарага олиш бўйича савдода ютиб чиқди.

Корхона директори Жанг Ил Ёнг туман ҳокими У.Ялгашев билан учрашиб, 6 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини бошлашни билдирди.

Ушбу хорижий корхона Био-женьшень лабораториясига ихтисослашган бўлиб, женьшень ишлаб чиқаради. Инвестор 25 нафар иш ўрни яратиш ва маҳаллий аҳоли орасидан мутахассис кадрлар тайёрлашни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 Эндиликда туман ҳокимлиги билан "K-GINSENG PHARMACY" хорижий корхонаси ўртасида меморандум келишуви имзоланиши кутиляпти.